Тожикистон президенти Роғун бўйича ҳисоботни қабул қилди

Эмомали Рахмон Роғунда; president.tj
Uznews.net - Эмомали Рахмон чоршанба куни Тожикистон ҳукумати мажлисини ўтказди. Унда тожик ва россия ташкилотларининг Роғун ГЭСи қурилиш ишлари борасидаги маърузалари тингланди.

“Азия-Плюс” ахборот агентлигини хабар беришича, тохик ҳукумати мажлиси асосий маърузачиларидан бири “Роғун ГЭСи” ОАО бош директори Нурулло Шулашов бўлди, у 2009 йили қурилаётган энергетик гигантга аллақачон 532,5 миллион сомони (120 млн. доллар) пул сарфланганини айтди.

“Ҳозирги кунда Роғун қурилиши бўйича ойига 40-45 миллион сомони (10 млн. доллар атрофида) маблағ ўзлаштирилмоқда, қурилишга 7200 ишчи ва мутахассислар, 630 машина ва техника, 59 ширкат ва ташкилотлар жалб қилинган”, - дея Шулашовдан иқтибос келтиради “Азиа-Плюс”.

Тожик ОАВси, Роғун ГЭСи қурилишида ишлаётган россияники бўлган 10 ташкилот ва ширкатлар фаолиятини алоҳида урғулайди, уларнинг вакиллари ҳам Раҳмон олдида ўз маърузаларини тақдим этишди.

Россиянинг “Гидропроект”, “Гидромонтаж” ширкатлари вакиллари Николай Киселев ва Алексей Прокопенколар иш шароитларидан қониқиш билдиришди ва Россиядан яна кўпроқ мутахассислар ва ширкатлар жалб қилишга ваъда беришди.

“ТР президенти Эмомали Рахмон, объектлардаги ишнинг сифати ва даражасига алоҳида эътибор бериб, қурилиш ташкилотлари олдида ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланишнинг шаффофлигини таъминлаш вазифасини қўйди”, - дея билдиради “Азия-Плюс”.

Uznews.net